Нефть ва газ соҳасида дуал таълим имкониятлари

Дуал таълим тизими юқори технологияли ишлаб чиқариш талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш орқали кадрларнинг рақобатбардошлигини ошириш воситаларидан бири ҳисобланади.

AbdullaMagrupov1

Таълимга йўналтирилган ҳар қандай инвестиция бир кун келиб ўзини оқлаши сўнгги йиллардаги тажрибалардан маълум. Ўз соҳасида юқори билимга эга, малакали кадрга эҳтиёж ва талаб доим юқори бўлади. Содда қилиб айтганда, яхши мутахассис ҳеч қачон “кўчада қолмайди”.

Замон тезкор, ҳар куни ҳар соҳада янгиланишларга гувоҳ бўляпмиз. Шундай шароитда мамлакатимизнинг барча тармоқларида илғор фикрлайдиган, малакали, бугунги кун талабларига мос кадрлар зарур. Сўнгги йилларда юртимизда олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлардан кўзланган мақсад ҳам шу аслида.

Иқтисодиёт тармоқлари ниҳоятда кенг ва уларга рақобатбардош мутаҳассисларни етказиб бериш осон эмас. Хусусан, газ, газконденсат қазиб чиқариш, ер остида сақлаш объектларини ишлатиш ва хизмат кўрсатиш, нефть ва газ қудуқлари тадқиқотининг геофизик усуллари, нефть қазиб чиқариш объектларини ишлатиш ва хизмат кўрсатиш каби йўналишлар бўйича етук кадрларга юртимизда ҳам, хорижда ҳам талаб юқори. Бу талабни қондириш эса шу йўналишлардаги олий таълим муассасалари зиммасига масъулият юклайди. Бу вазифаларнинг мамлакатимизда олий таълим тизимига қаратилаётган катта эътибор, уларда ўқув, илмий-инновацион, маънавий-маърифий ишларни такомиллаштириш, моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий бошқарув механизмларини жорий этиш борасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар билан уйғунлиги натижалар кўламини янада оширмоқда.

yangiuzb1

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ (Миллий тадқиқот университете) университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ҳам бу борада қатор тизимли ишлар олиб бориляпти. Филиал 2007 йилда ўз фаолиятини бошлаб, кейинроқ “Ўзбекнефтгаз” акционерлик жамияти таркибига киритилганидан буён тизимдаги корхоналарга малакали кадрлар тайёрлаб келмоқда. Ўзаро ҳамкорлик асосида 2021 йилнинг 29 июнда “Ўзбекнефтгаз” АЖ бошқарув раиси тамонидан “И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ (Миллий тадқиқот университети) университетининг Тошкент шаҳридаги филиалининг фаолиятини тубдан такомиллаштириш, моддий-техник базани мустаҳкамлаш ва модернизация қилиш, замонавий ўқув ва илмий лабораториялар, замонавий ахборот-коммуникация технологиялари воситалари билан жиҳозлаш бўйича 2021—2025 йилларга мўлжалланган чора-тадбирлар режаси” тасдиқланди. Мазкур ҳужжатда қатор ўзгаришлар, хусусан, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, ўқув дастурларида назарий билим олишга йўналтирилган таълимдан амалий кўникмаларни шакллантиришга йўналтирилган таълим тизимига босқичма-босқич ўтиш, таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиш ва бошқалар кўзда тутилган.

Сўнгги йилларда ушбу соҳага қизиқувчи ёшлар сони ортиб бораётгани ҳолда, уларнинг таълим олиш имкониятларини оширишга ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимизнинг 2021 йил 7 майдаги “Нефть-газ ҳамда электр энергетика соҳалари учун малакали кадрлар тайёрлаш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг айрим қарорларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қарорига биноан 2021-2022 ўқув йили қабул квоталари Филиал Васийлик кенгаши қарори билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Худудгазтаъминот” АЖ шунингдек, бошқа ташкилотлар ҳақиқий эҳтиёжларидан келиб чиққан холда тасдиқланди. Унга кўра, жорий йилда И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ (Миллий тадқиқот университети) университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида жами 8 та йўналиш бўйича 480 та ўрин ажратилди. Шундан 30 таси  Қашқадарё вилоятидаги ҳудудий тайёрлов бўлинмаси битирувчилари учун мақсадли ўринлардир.

Қабул комиссияси тамонидан 30 июнга қадар ажратилган ўринлар учун 1000 дан ошиқ абитируентлардан аризалар келиб тушди. 3,7,10 июль кунлари белгиланган фанлар бўйича кириш имтиҳонлари бўлиб ўтди. Имтихонлар Москвадаги И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ (Миллий тадқиқот университети) университети профессор-ўқитувчилари томонидан ўтказилиб, унда энг юқори балл тўплаган йигит-қизлар олий ўқув юртининг Тошкент филиали талабасига айланди.

Бугунги кунда университет ўқув дастури дуал таълим тизимига асосланади. Боиси, дуал таълим тизими юқори технологияли ишлаб чиқариш талабларига жавоб берадиган малакали кадрларни тайёрлаш орқали кадрларнинг рақобатбардошлигини ошириш воситаларидан бири ҳисобланади. Унда назария ва амалиёт бирлиги, ўқув жараёнида фанлараро комплекс ёндашув, кўникма ва билимларни касбий фаолиятда қўллашга эътибор қаратилгани ҳолда, таълим стандартлари асосида компетентлик ёндашувининг асосий тамойилларига тўлиқ жавоб беради. Мазкур тизимнинг энг катта афзаллиги мутахассисларни тайёрлашда ўқув ва ишлаб чиқариш соҳаларининг ҳамкорлиги ҳамда битирувчиларни юқори даражада иш билан таъминлашдан иборат.

Таъкидлаш жоиз, дуал таълим тизими Ўзбекистон иқтисодиётини ривожлантириш, йирик ва кичик бизнес субъектларида аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш ҳамда камбағалликни қисқартириш учун меҳнат фаолияти билан таълимни уйғунлашган ҳолда ташкил этиш орқали малакали кадрлар тайёрлаш имконини бермоқда. Филиал талабалари амалий машғулотлар орқали босқичма-босқич “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти корхоналарида ўзлари орзу қилган касбнинг сир-асрорларини ўрганиб, маҳорат сабоқларини тўғридан-тўғри маҳаллий компаниянинг ўзида ўзлаштиради.

2020-2021 ўқув йилидан бошлаб филиал талабалари учун Шўртан, Муборак, Газли бошқармалари, “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” ва “Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи” каби корхоналардан бириктирилган ишлаб чиқаришнинг етук мутахассислари раҳбарлигида барча таълим йўналишларидаги 2-3 босқич талабаларининг 272 нафари назарий билимларини амалиёт орқали мустаҳкамлаб, тажриба орттирмоқда.

Таълимнинг бундай шакли талабаларнинг ўқув машғулотлари жараёнида олган назарий ва касбий билимларини ишлаб чиқариш шароитида мустаҳкамлаш имконини беради. Замонавий таълим тизимидан кўзланган асосий мақсад ҳам талабаларни касбий фаолиятга тайёрлаш, назарий билимларини мустаҳкамлаш ва чуқурлаштириш, бўлажак мутахассисларнинг касбий фаолиятини бажаришга тайёргарлигини шакллантиришдан иборат.

Абдулла МАҒРУПОВ,

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ

(Миллий тадқиқот университети) университетининг

Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори