“Ўзбекнефтгаз”: Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида талабалар учун амалиёт дарслари ўтказилмоқда
Жорий йилнинг 7 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан қабул қилинган “Нефть ва газ соҳасида таълим-ишлаб чиқариш кластерини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ, “Ўзбекнефтгаз” АЖ Бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев бошчилигидаги нефть ва газ соҳасидаги таълим-ишлаб чиқариш кластери фаолиятини Мувофиқлаштирувчи кенгаш тузилган бўлиб, айни пайтда ушбу йўналишда қатор ишлар амалга оширилмоқда.
Қарор ижросини таъминлаш, бўлажак кадрларнинг билимларини ишлаб чиқариш жараёнларидаги техника ва технологиялар муҳитида янада мустаҳкамлаш мақсадида ишлаб чиқариш корхоналарига олий таълим муассасалари талабалари учун сайёр ўқув машғулотлари давом этмоқда.
Навбатдаги сайёр дарслар Бухоро нефтни қайта ишлаш заводида И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университети Тошкент филиалининг Нефть, газ ва қайта ишланган маҳсулотларни ташиш ва сақлаш объектларидан фойдаланиш ва уларга хизмат кўрсатиш йўналиши 4-босқич талабалари учун ташкил этилди.
Амалиёт дарслари Кадрларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўлими кўмагида Хом-ашё ва тайёр маҳсулотлар цехига қарашли объектларда ва интерфаол жиҳозланган ўқув хоналарида олиб борилди.
Кўп йиллик тажрибага эга устоз ходимлар бўлажак мутахассисларни завод эстакадаси ва сиғимлар паркининг иш фаолияти, маҳсулотларни ташиш ва сақлаш технологиялари билан таништиришди.
Таъкидлаш жоизки, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи нафақат талабалар, балки устоз-педагоглар учун ҳам тажриба алмашиш ва малака ошириш маскани ҳисобланади. Заводда талабалар ва институт педагоглари учун етарли шароитлар яратилган.
“Ўзбекнефтгаз” АЖ Матбуот хизмати