7 ЙИЛ МУДДАТГА ФОИЗСИЗ КРЕДИТ
Янги ўқув йилидан бошлаб қизларга таълим контрактларини тўлаш учун берилади
Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида аёлларнинг оила ва жамиятдаги ролини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, саломатлигини мустаҳкамлаш, улар учун муносиб турмуш шароитини яратиш энг муҳим йўналишлардан бири сифатида белгиланган.
Куни кеча давлатимиз раҳбари раислигида хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизими ҳамда уларнинг жамиятдаги мавқеини янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида хотин-қизларимиз учун катта имкониятлар белгилаб берилгани барчамизда фахр ва ғурур ҳиссини уйғотди.
— Бугунги фаровон ҳаётимиз ҳам, ёруғ келажагимиз ҳам аёлларга боғлиқ. Агар халқимиз биздан рози бўлишини хоҳласак, аввало, мўътабар оналаримиз, опа-сингилларимиз учун муносиб турмуш шароити яратишимиз керак. Она рози бўлса, оила рози бўлади, оила рози бўлса, жамият рози бўлади, — деди Шавкат Мирзиёев.
Дарҳақиқат, сўнгги беш йилда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий фаоллигини ошириш, уларнинг таълим ва касбий кўникмалар олиши ҳамда бандлигига ҳар томонлама кўмаклашиш, тадбиркорлик ташаббусларини янада қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларига сўзсиз риоя қилинишини таъминлаш, оила институтини мустаҳкамлаш билан боғлиқ кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда, норматив-ҳуқуқий база янада такомилаштирилмоқда.
Шу билан бирга, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётда қарорлар қабул қилишнинг барча даражаларида аёлларнинг тўлиқ ва самарали иштирок этишини таъминлаш бўйича ишларни изчил давом эттириш мақсадида 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси қабул қилинди.
Соҳада ислоҳотлар мамлакатимизнинг халқаро рейтинглардаги ўрнига ижобий таъсир кўрсатиб, Жаҳон банкининг Аёллар, бизнес ва қонун индексида Ўзбекистон 2020 йилда хотин-қизлар ҳуқуқлари ва гендер тенглик бўйича аҳамиятга молик ислоҳотларни амалга оширган 27 та давлат қаторига киритилди ва 5 поғона юқорилаб, 190 та давлат орасида 134-ўринни эгаллади.
Хотин-қизларни ижтимоий-иқтисодий, психологик қўллаб-қувватлаш, улар билан манзилли ишлаш мақсадида “Аёллар дафтари” тизими, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, хотин-қизларни иш билан таъминлашнинг янгича механизмлари жорий этилди. Ота-онаси ёки уларнинг биридан айрилган муҳтож қизлар, боқувчиси йўқ ёлғиз аёлларнинг ўқиш тўловларини қоплаб бериш тизими амалиётга татбиқ этилиб, олий таълим муассасаларига қабул қилишда эҳтиёжманд оилалар қизлари учун грантлар сони икки баробар ортди. Бу муҳим ислоҳотлар Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги имижини ошириш билан бирга, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ижтимоий мавқеини янада кучайтириш, шу орқали оилани мустаҳкамлаш, юқори интеллектуал даражадаги ёш авлодни вояга етказиш, жамият барқарорлигини таъминлашнинг гарови ҳисобланади.
Шу йил 1 март куни бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ҳам давлатимиз раҳбари хотин-қизларимиз учун бир неча йўналишларда янги имкониятлар белгилаб берди. Хусусан, янги ўқув йилидан бошлаб таълим контрактларини тўлаш учун қизларга илк маротаба 7 йил муддатга фоизсиз кредит бериш тартиби жорий қилиниши, келгуси ўқув йилидан магистратурада ўқиётган қизларнинг контракт пуллари тўлиқ бюджетдан қоплаб берилиши, эҳтиёжманд оила вакиллари, ота ёки онасини йўқотган талаба қизларнинг таълим контракти маҳаллий бюджетдан тўланиши, қизларимизни нуфузли хорижий олийгоҳларга бакалавриат ва магистратура дастурлари бўйича таълим олишга юборилишидаги имтиёзлар муҳим аҳамиятга эгадир.
Жамиятимизда олима аёллар улушини сезиларли ошириш мақсадида докторантура йўналишида хотин-қизлар учун ҳар йили камида 300 тадан мақсадли квота ажратилиши, давлат бошқарувида аёллар фаоллигини ошириш билан боғлиқ кўрсатмалар таълим соҳасида фаолият юритиб келаётган олима опа-сингилларимиз учун кўрсатилган ишонч ва қўллаб-қувватлаш бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг: “...Хотин-қизлар ва оила масаласи — бу кундалик ишлар орасида шунчаки номига шуғулланадиган масала эмас. Бу нафақат бугунги кунимиз, балки эртанги келажагимизни ҳам белгилаб берадиган вазифа, керак бўлса, масалаларнинг масаласидир”, деган сўзлари юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир аёлнинг қалбидан мустаҳкам ўрин олиб, уларнинг ўзига, келажагига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга, оиласига, жамиятга меҳр-муҳаббати ортишига сабаб бўлди.
![]() |
Янги Ўзбекистон № 49 (571), 2022 йил 8 март |