Поздравительная речь Председателя Правления АО «Узбекнефтегаз» Абдуллаева Мехриддина Раззоковича

Ҳурматли конференция қатнашчилари!

Авваламбор, сиз азизларни – И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефть ва газ университетининг Тошкент шаҳридаги филиалида ҳар йили бўлиб ўтадиган “Нефть ва газ” талабалар илмий конференциясининг очилиш маросими билан “Ўзбекнефтгаз” АЖ жамоаси номидан табриклайман.

Сизларнинг ушбу нуфузли конференциядаги иштирокингизни биз биринчи навбатда нефть-газ соҳасига бўлган қизиқишларингиз, келгусида етук мутахассис бўлишингиз, соҳадаги муаммоларнинг ечимини аниқлаш ва ушбу соҳага бўлган чуқур ҳурмат ва эътиборнинг амалий ифодаси сифатида қабул қиламиз.

Биз сизларнинг ҳар бирингизни нефть-газ соҳасидаги ишончли ҳамкоримиз деб биламиз ва сизларнинг фаолиятингизни юксак баҳолаймиз.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан 2021 йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳолининг соғлиғини мустаҳкамлаш йили” деб эълон қилиниши мамлакатимизда ёшлар бўлган алоҳида эътиборни кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз бўйлаб ҳар жабҳада инновацион ва технологик ғояларни қўллаб-қувватлаш ҳамда уларни ривожлантириш, Сиз каби ёш олимлар ва талабаларнинг ташаббускорлигини ошириш борасида кенг кўламли чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Айни пайтда, дунёда ва жумладан мамлакатимизда меҳнат бозорининг ҳолати яъни мутахассисларга бўлган эҳтиёжи ва талаби ўзгариб бормоқда. Республикамизнинг нефть ва газ саноатини келажакда ривожланиш концепциясидан келиб чиқиб шуни айтиш мумкинки, келгуси йиллар учун муҳим йўналишлардан бири бу инновацион ёндашув асосида фикрлайдиган ёш мутахассислар ҳамда илмни фанга ва ишлаб чиқаришга боғлай оладиган тадқиқотчиларни тайёрлашдир.

Шу муносабат билан, Филиал талабаларини ва ёш олимларини нефть-газ корхоналаридаги технологик жараёнлар, қурилмалар ва уларнинг ишлаш принципларини ишлаб чиқариш шароитида ўрганиш ҳамда назарий-амалий билимлар яхлитлигини таъминлаган ҳолда таълим жараёнига тадбиқ этиш мақсадида, талабаларнинг ўқув-амалий машғулотларини бевосита ишлаб чиқариш корхоналарида ташкил этиш учун “Ўзбекнефтгаз” АЖнинг ишлаб чиқариш корхоналарида Филиалнинг “тажриба синов участкалари” ташкил қилинди.

Сизларга маълум, шу йилнинг март ойидан бошлаб, Филиал ўқув режасидан келиб чиққан ҳолда талабаларнинг ўқув-амалий машғулотлари бевосита ишлаб чиқариш корхоналари базасида ташкил этиш режалаштирилган.

Мен ўйлайманки бу ташаббусда Филиал профессор-ўқитувчилари ва талабалари фаол иштирок этиб, яратилган имкониятлардан унумли фойдаланган ҳолда, мутахассисларни тайёрлашда ҳамда талабалар тамонидан касбга бўлган ҳурмат ва қизиқишларини ортишига хизмат қилади.

Шунингдек, Филиал талабаларининг Республика ва халқаро илмий конференцияларда ўзларининг илмий-инновацион таклифлари ва ишланмалари билан фаол қатнашишларини сўраб қоламан.

Бугунги конференция натижалари барча иштирокчилар учун фойдали бўлади деб умид қиламан, ва албатта конференция натижалари бўйича ишлаб чиқиладиган тавсиялар келажакда нефт ва газ саноатини ривожлантиришга хизмат қилади.

Конференциянинг барча иштирокчиларини яна бир бор қутлаб, унинг юқори илмий даражада ва самарали ўтишини тилаб қоламан.

Эътиборилар учун раҳмат, саломат бўлинглар!