Конституциявий ўзгаришларда таълим-тарбия масалаларининг устуворлиги

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси миллий ривожланишимизнинг янги босқичини бошлаб берди. Ўтган қисқа даврда жамиятимизнинг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий, маданий-маърифий манзараси бутунлай ўзгарди. Эркинлик ва очиқлик, қонун устуворлиги, жаҳон ҳамжамияти билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик, “Инсон қадри учун” деган устувор тамойил давлатимиз сиёсатининг асосий йўналишига айланди.

A-M-Magrupov234

Конституцияни бугунги реал воқеликка мослаштириш, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси учун янада мустаҳқам ҳуқуқий пойдевор яратиш бугун кенг жамоатчилик эътиборидаги долзарб масала сифатида қаралмоқда. Бу борадаги ислоҳотларнинг давр талаби эканлигини Конституциявий ислоҳотларга нисабатан халқимизнинг муносабати, фаоллиги ҳамда таклифларидан ҳам кўришимиз мумкин бўлади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда илм-фан ва таълим-тарбия соҳасини давлат сиёсатининг устувор йўналишига айлантиришга қаратилган, оилада фарзанд туғилганидан бошлаб, камолот ёшига етгунга қадар уни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайдиган, ҳаётда муносиб ўрин топишига хизмат қиладиган яхлит ва узлуксиз тизим яратилмоқда.

Куни кеча давлатимиз раҳбари “Ёшлар куни”га бағишланган байрам тадбиридаги табрик нутқида ёшлар учун яратилажак қўшимча имкониятлар хусусида тўхталиб, талаба-ёшлар учун давлат грантлари сонининг 2 баробарга ортиши, ёшларнинг бандлигини таъминлаш, уларни замонавий касб-ҳунар, хорижий тилларни, ахборот технологияларини ўрганишлари учун барча шароитларни яратиш билан боғлиқ имтиёзлар хусусида тўхталиб ўтди.

Шу боис ҳам, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш жараёнларида таълим-тарбия масалаларига алоҳида устуворлик берилаётгани барчамиз учун қувонарлидир.

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети (МТУ)нинг Тошкент шаҳридаги филиали жамоаси ҳам олиб борилаётган бу каби ислоҳотларга ижобий ёндашган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан ўз таклифларини бердилар. Шу билан бирга, “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси юзасидан Филиал ҳамда Филилал ҳузуридаги академик лицей жамоаси, талаба-ёшлари ўртасида муҳокамалар ташкил этилди.

Хусусан, Конституциямизга киритилаётган  муҳим ўзгаришлардан бири бу “Инсон қадри учун” тамойилини амалга ошириш мақсадида аҳолининг ижтимоий кафолати механизмларини такомиллаштириш, инклюзив ёндашув масалаларига алоҳида эътибор қаратиш билан боғлиқдир.

Жаҳон тажрибасида, хусусан  Англия, Германия, Франция, Швеция каби Европа давлатларида узлуксиз таълимнинг барча бўғинларида инклюзив ёндашувни таъминлаш, имконияти чекланган, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалалари қонунчилик даражасида кафолатланганлигини кузатиш мумкин.

Конституциямизнинг 39, 41-моддаларига киритилаётган тўлдириш ва  қўшимчаларда мазкур масалаларга алоҳида эътибор қаратилганлиги муҳим ижтимоий қийматга эга.

Барчамизга маълумки, олий таълим тизимидаги трансформацион ўзгаришлардан келиб чиққан ҳолда,  республикамиздаги 36 та олий таълим муассасаларига академик ва молиявий мустақиллик берилди. Бош қомусимизга киритилаётган тўлдиришларда айнан олий таълим ва илмий-тадқиқот ташкилотлари қонунда белгиланган доирада ўзини ўзи бошқариш, академик эркинлик, шунингдек тадқиқотлар ўтказиш ва ўқитиш эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, шунингдек давлат илм-фанни ривожлантиришга, жаҳон илмий ҳамжамияти билан илмий алоқалар ўрнатишга кўмаклашиши билан боғлиқ  жиҳатларнинг назарда тутилаётганлиги олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Конституцияда истеъдодли ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, давлатнинг ёшларни маънавий ва ахлоқий жиҳатдан тарбиялаш учун зарур шарт-шароитлар яратиши (42, 65-моддалар) ҳамда ёшларни сифатли олий таълим олиши, ўз иқтидорини намоён этиши билан боғлиқ конституциявий кафолатларнинг белгиланиши ҳам янгиланаётган Конституциянинг ёшлар манфаатлари учун  хизмат қилишини англатади. Мазкур ўзгартиришлар орқали таълим тизимидаги инновацион индекснинг ортиши ҳамда ёшларнинг сифатли таълим олиши, малакали мутахассислар сифатида етишиб, ўз потенциалини эркин намоён қилиш учун кенг имкониятлар яратилади.

Ушбу жараёнларда фаол бўлиш, миллат тақдири ва келажаги учун бефарқ бўлмаган ҳар бир юртдошимизнинг, ҳар биримизнинг фуқаролик бурчимиздир!

  Абдулла МАГРУПОВ,

И.М.Губкин номидаги Россия давлат нефт ва газ университети

(МТУ)нинг Тошкент шаҳридаги филиали ижрочи директори

Матн: Рисолат Мадиева