МУРОЖААТИ

 

Республика олий таълим кенгаши ва Олий таълим муассасалари ректорлари кенгашининг профессор-ўқитувчилар ва талабаларга

М У Р О Ж А А Т И

 

Ҳурматли ватандошлар!

Ҳозирги вақтда бутун дунёнинг диққат-эътибори COVID-19 коронавирус пандемиясига қаратилган бўлиб, жаҳон илм-фани аҳли ушбу касаллик таркалишининг олдини олиш ва тўхтатиш, инсоний талафотни кескин камайтириш ва бу хатарни илдизи билан қуритиш учун бор интеллектуал салоҳиятини сафарбар этмоқда.

Бугун Ўзбекистон ҳукумати муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев бошчилигида бу юқумли хасталикнинг аўоли ўртасида кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш, она халқимизни бундай оғир синовдан соғ-омон олиб ўтиш учун барча зарур ва кескин чораларни амалга оширмоқда.

Давлатимиз рахбарининг қатъий позицияси, халқпарвар сиёсати, қабул қилаётган оқилона Фармон ва қарорлари пан­демияни жиловлаш ва унинг салбий таъси­рини юмшатишга кучли замин яратмоқда.

Мамлакатимизда истиқомат қилаётган 130 дан ортиқ миллат ва элатларни янада жипслаштириш, энг муҳими, уларнинг тинчлиги ва осойишталигини таъминлаш йўлида оламшумул ишлар олиб борилмоқда.

Президентимизнинг “Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоат- чилик вакиллари бир мушт бҳлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун, энг аввало, ўзимиз масъулмиз”, деган сузлари барчамиз учун дастуриламал бўлиб хизмат қилмокда.

Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш бўйича олий таълим тизимида ҳам муҳим қадамлар ташланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда олий таълим муассасаларида бу ҳалокатли офат билан курашиш бўйича бар­ча зарур тадбирлар амалга оширилмокда.

 

Муҳтарам илм аҳли, хурматли зиёлилар!

Ўзбекистон халқ ёзувчиси, буюк адибимиз Мусо Тошмуҳаммад угли Ойбекнинг: “Жаҳон тарихида мисли кўрилмаган муъжизалар яратган улуғ халқ ҳар ишга қодир”, деган фикрлари ўзбек халқига берилган муносиб баҳодир.

Эл-юрт бошига оғир иш тушганда сафнинг олдида бориш, фидойилик ва жасорат кўрсатишдек шарафли вазифа ҳамиша сизу бизнинг, олимлар ва ўқитувчи-домлалар, илм аҳли ва зиёлилар зиммасидадир.

Биз бугунги масъулиятли синов кунларида маънавий бирлигимиз, мустаҳқам ҳаётий эътиқодимиз билан барчага ибрат бўлишимиз, намуна кўрсатишимиз зарур бўлади.

Юзага келган вазият ўқув-тарбия жараёнларини масофавий тарзда давом эттиришни тақозо этмокда.

Бундай таълим усулини ташкил этишда таълим йўналишлари ва мутахассисликларининг ўқув режалари асосида жорий семестрдаги фанларнинг дастурларига алоҳида эътибор қаратилди. Бугунги кунда олий таълимда ўқитилаётган фанлар бўйича электрон таълим ресурслари яратилди ва ҳар бир олий таълим муассасасининг масофавий ўқитиш платформасига жойлаштирилди.

Биз сиз, ҳурматли устоз-мураббийларни мавжуд имкониятдан тўғри ва самарали фойдаланган ҳолда:

  • аввало, муҳтарам Президентимиз мурожаатларининг моҳиятини халқимиз, айниқса, ёш авлодга етказиш ва ҳаётга жорий этишда ибрат кўрсатишга;
  • юртимизга четдан кириб келган коронавирус пандемиясини бартараф этиш йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган сиёсатни қўллаб-қувватлаш ва касаллик тарқалишининг олдини олишда ҳукуматимизга яқиндан ёрдам беришга;
  • онлайн дарсларни ташкил қилишда фаол иштирок этишга, хусусан, фанлар бўйича видеомаърузаларни, семинар ҳамда амалий машғулотларнинг такдимотларини тайёрлаб, тегишли сайтларга жойлаштиришда фаол булишга;
  • машғулотларнинг мазмуни, сифати ва хаётийлигини юқори даражада таъминлашга;
  • талаба-ёшларнинг дарсларга бўлган қизиқишини янада кучайтириш ва уларнинг фаоллигини оширишга;
  • мобиль алоқа, интернет орқали ёшлар қалбида ўз касбига, маданият, санъат ва адабиётга бўлган муносабатни янги босқичга кўтаришга;
  • уйда қолиб, ушбу касалликка қарши курашиш ва унинг ҳаётимизга салбий таъсирини камайтириш йўлидаги эзгу ишларни электрон оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар оркали маҳалла ва жамоатчиликка кенг тарғиб қилишга даъват этамиз.

 

Қадрли талабалар, азиз ёшлар!

Сизларнинг барчангиз бизнинг ишонган тоғимиз, миллатимиз келажаги, янги Ўзбекистоннинг булажак бунёдкорларисиз.

Коронавирус туфайли мамлакатимизда юзага келган бу ташвишли ҳолат Сиз, азиз фарзандларимизнинг сифатли билим олишингизга халақит бермаслиги учун мамлакатимиз раҳбаридан тортиб давлат идораларининг ходимларигача, ректорлардан тортиб устоз-мураббийларгача - барча-барча Сизларнинг шу кунлардаги фаолиятингиз ҳақида, уни мазмунли ташкил этиш борасида қайғурмокда.

Муҳтарам Президентимизнинг Сизларга алоҳида эътибор қаратиб:

“Мен бугунги кунда уй шароитида таҳсил олаётган талаба ва ўқувчи ёшларимизга мурожаат қилмоқчиман:

Азиз фарзандларим, уйда вақтингизни бекор ўтказманг! Онлайн дарсларни қунт билан узлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадан-тарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”, деган сўзлари барча ёшлар учун кундалик ҳаёт тарзига айланиши зарур.

Фақат астойдил мақсад қўйиш, сабр-тоқат ва мустаҳкам ирода билан олдинга интилиш зарур. Инсоният ва тараққиётнинг энг катта душмани бўлмиш бекорчилик, бепарволик ва лоқайдлик каби иллатлар, аслида, коронавирус инфекциясидан ҳам хавфлидир.

Сизларнинг мана шу кўринмас балога қарши курашишда энг катта ёрдамингиз, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, кўчага чиқмасдан уйда қолиш, бўш ўтирмаслик, илмий ва бадиий асарларни мутолаа қилиш, жисмоний тарбия ва спорт билан шуғулланишда давом этишдан иборат бўлмоғи керак.

 

Азиз талабалар!

Интернетда, хусусан, ўзингиз таҳсил олаётган олий таълим муассасасининг сайтида берилаётган онлайн дарсларга кунт билан қатнашинг!

Энг оғир синов пайтларида Сизга ҳамиша кўмакка келадиган, ўзингиз ёқтирган мумтоз ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан, гўзал ва бетакрор куй-қўшиқдардан баҳраманд бўлишда давом этинг!

Карантин билан боғлиқ тартибларга, шахсий гигиена қоидаларига, жисмонан соғлом бўлишга алоҳида эътибор қаратиб, тозаликка, покизаликка риоя қилинг!

Шу билан бирга, ота-онангизнинг, мўътабар кексаларимизнинг ҳикматларидан, олтинга тенг панду насиҳатларидан иложи борича кўпроқ баҳраманд бўлишга ҳаракат қилинг!

Интернет тармоғи оркали атрофингиздаги мактаб ўқувчилари ва барча ёшлар билан мулоқотда бўлиб, улар ўртасида тушунтириш ишларини олиб боринг!

Бугун Ўзбекистон халқи ўзининг юксак онги, маданий савияси, қатъий иродаси ва сабр-бардошини бутун дунёга намойиш этмоқда.

Хаммамиз бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилсак, муҳтарам Президентимиз атрофида собит туриб, ягона мақсад йўлида ҳамжиҳат бўлсак, бу хатарли офат мустаҳкам қўрғонимизга асло ўтолмайди.

Ишонинг, Аллоҳнинг иродаси, халқимизнинг ишончу матонати, ватандошларимизнинг меҳр-оқибати ва аҳиллиги билан ёруғ кунлар албатта келади!

Янги Ўзбекистонни барчамиз биргаликда буюк Ўзбекистонга айлантирамиз!

 

Республика олий таълим кенгаши ва
Олий таълим муассасалари
ректорлари кенгаши